ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати интернет тармоғида тарқалган Макка шаҳри Ҳарам ҳудудида йиқилиб тушиб, қаттиқ жароҳат олган шахс ҳақидаги видеолавҳаси борасида маълумот берди.
"Мазкур воқеа юзасидан Саудия Арабистонидаги Ўзбекистон Ҳаж ишчи гуруҳи раҳбаридан олинган маълумотларга кўра, Мадина ва Макка шаҳарлардаги ўзбекистонлик зиёратчиларнинг барчаси соғ-саломат ва уюшган ҳолда ўз ибодатларини давом эттирмоқдалар", дейилади қўмита ахборот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 7-23 август кунлари ўзбекистонлик 7300 нафардан ортиқ зиёратчи ҳаж сафарига кузатилди. Зиёратчиларга сафар олдидан Ўзбекистон давлат рамзлари акс эттирилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, "Ҳажнома" китобчаси ва видеотасмалар тақдим этилди.
Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларида менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмландилар. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида "Жавҳарат ар-Рошид", Макка шаҳрида эса "Аброж ал-Ҳидоя" меҳмонхонаси тайёрлаб қўйилган. Ҳар бир хона музлатгич, телевизор ҳамда кондиционерлар билан жиҳозланган. 24 соат давомида замонавий автобусларда зиёратчиларни Макка шаҳридаги Ҳарам масжидига ташиш йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг 8-24 сентябрь кунлари ўзбекистонлик ҳожиларни "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК самолётларида Жидда-Тошкент, Жидда-Бухоро, Жидда-Самарқанд, Жидда-Қарши, Жидда-Наманган, ҳамда Жидда-Урганч йўналишлари бўйича Ватанимизга олиб келиш режалаштирилган.