ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Сурхондарё вилоятида янги сув омборининг қурилиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Бу ҳақда Uzbekiston 24 хабар қилди.
Хабарда айтилишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017-2021 йиллардаги гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги қарори Ўзбекистонда гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланишга оид ана шундай муҳим лойиҳаларга асос бўлди.
Тўпаланг сув омборида амалга оширилаётган ишлар бунинг ёрқин далилидир. Тўпаланг сув омбори қурилишида 13 млн метр ерусти ишлари, 131 км жойда цементлаш ва 6260 метр ер ости ишлари амалга оширилди. Тўпаланг гидроэлектр станциясида ҳозирги кунда ҳар бири 12 мВаттдан қувват ишлаб чиқарадиган 2 та агрегат фаолият юритмоқда.
Эндиликда бу жойда тўпланадиган 500 млн кубометр миқдордаги сув Сурхондарёда 103 гектардан ошиқ ер майдони суғориш имкониятини яхшилайди.
Лойиҳанинг иккинчи аҳамиятли томони шундаки, у дунёда энг арзон ва экологик тоза ҳисобланган гидроэнергетика ишлаб чиқаришни ривожлантириш имкониятини яратмоқда.
Сув омбори қурилиши асносида Тўпаланг ГЭС қувватлари ошириляпти.
"Тўпаланг гидро электр станцияси ҳозирги кунда ҳар бири 12 мВаттдан бўлган 2 та агрегат фаолият юритиб турибти. Президент қарорларига асосан Тўпаланг ГЭС биринчи ва иккинчи блоклар ишга тушириб бўйича барча тендер ишлари ниҳоясига етказилди ва 2017-2021 йиллар оралиғида ишга тушириш режалаштирилган. Шунга асосан ҳар битта агрегатнинг қуввати 72,5 жами иккита 145-175 мВатт электр энергия ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади", — деб таъкидлади "Тўпаланг ГЭС" бош муҳандиси Асрор Жумаев.
Жорий йилнинг ўтган давр мобайнида ушбу янги лойиҳларнинг ҳаётга татбиқ этилиши муносабати билан Тўпаланг ГЭС қурилиш корхонаси таркибида 500 тадан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
"Умуман олганда Тўпаланг дарёсида қурилган ГЭСлар 2021 йилга келиб умумий қуввати 200 йиллик мВаттга яқин бўлган қувват ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Бу дегани Сурхондарё вилоятининг 70 фоиз эҳтиёжини қоплашга етади", — деб қўшимча қилди "Тўпаланг ГЭС" бош муҳандиси Асрор Жумаев.
Дастурга мувофиқ, 2030 йилгача республикада 24 та янги ГЭСлар қурилади. 18 та мавжуд ГЭСлар модернизация қилинади.