ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни Россия Федерацияси ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Игорь Шуваловни қабул қилди. Бу ҳақда президент расмий веб-сайти хабар берди.
Хабарда айтилишича, Шавкат Мирзиёев меҳмонни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлар экан, Шуваловни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг Россия томонидан раиси этиб тайинлангани билан табриклади.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, юқори технологияли соҳалардаги инвестицион лойиҳалар ва янги истиқболли дастурлар ижросини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
И.Шувалов самимий қабул учун Ўзбекистон президентига миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ва ҳукумати Раиси Дмитрий Медведевнинг салом ва эзгу тилакларини изҳор этди.
Ҳукумат Раисининг биринчи ўринбосари Россия Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни бундан буён ҳам стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида ривожлантириб, мустаҳкамлаб боришга тайёр эканини таъкидлади.