ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Домодедово божхоначилари томонидан йўловчи қўл юки кўрикдан ўтказилганда декларацияланмаган бриллиант тошли заргарлик буюмлари аниқланди, деб хабар қилди Домодедово божхона хизмати матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, Бокудан учиб келган рейс йўловчилари божхона назоратидан ўтказилаётганда, Россия фуқароси божхона ходимларда шубҳа уйғотди.
Ушбу фуқаро божхона назоратининг "яшил йўлаги" орқали ўтишга ҳаракат қилган. Шунингдек, фуқаро ўзи билан бўлган товарларни декларацияга ёзмаган.
Ушбу шахсга тегишли бўлган қўл юклари кўздан кечирилганда икки дона занжир, билагузук, узук ва зирак борлиги аниқланди.
Йўловчи ушбу заргарлик буюмларни совға тариқасида сотиб олганлигини маълум қилди. Лекин буюмларга тегишли бўлган ҳужжатлар ёки чекларни тақдим эта олмади.
Божхона экспертиза натижаларига кўра, заргарлик буюмлари тилладан ишланган бўлиб, бриллиант тошлари билан безатилганлиги аниқланди. Заргарлик буюмлари умумий нархи 2,5 млн рубл (Россия МБ курси — 42,2 минг доллар) баҳоланди.
Россия божхона қонунчилиги талабларига асосан 10 минг евродан ортиқ бўлган товарларни ўз эҳтиёжи учун олиб кирилганда, масалан қимматбаҳо заргарлик буюмлари, йўловчи томонидан декларация тўлдирилиши ҳамда ортиқ бўлган қиймати бўйича 30 фоиз божхона божини тўлаши шартлиги белгиланган.
Йўловчига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш очилиб, заргарлик буюмлари олиб қўйилди.