TOШКЕНТ, 23 август — Sputnik. Ўзбекистонда келаси ўқув йилидан умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун ягона форма жорий этиш режалаштирилмоқда, деди Халқаро пресс-клуб йиғилишида халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов.
У президент Шавкат Мирзиёев яқинда ягона мактаб формаси жорий этиш таклифи билан чиққанини эслатди. Иноятов келаси ўқув йилигача енгил саноат, модельер мутахассислар билан биргаликда ва ота-оналарнинг фикрларини инобатга олиб, камида 8-10 хил моделдаги формалар тайёрланишини билдирди.
Формаларнинг нархлари ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Лекин вазирнинг айтишича, уларни кредитга ҳам олиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Ота-оналар формани олаётган пайтда 50 фоизини, қолган қисмини ўқув йили давомида тўлашлари мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда таълим соҳасидаги ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг либосларига алоҳида эътибор қаратганди. Давлат раҳбари ўқувчилар ўз либослари билан ажралиб туришлари ва улар орасида ижтимоий нотенглик бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Мактаб формаси эса айнан мана шундай талабларга жавоб беради.
Шу боис Шавкат Мирзиёев ягона формаларни маҳаллий ишлаб чиқариш, дизайни ва қулайлигига эътибор бериш кераклиги бўйича топшириқлар берди.