TOШКЕНТ, 23 август — Sputnik. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ ходими Эркин Мусаев 11 йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиқарилди, деб хабар берди БМТ янгиликлар маркази.
Мусаев 2006 йилда БМТ ривожланиш дастури ва Европа иттифоқи қўшма дастурининг менежери лавозимида ишлаб турган пайтида ҳибсга олинган.
У ўшанда давлатга хиёнат қилиш, жосуслик ва БМТ маблағларини талон-тарож қилишда айбланган. Мусаев ўз айбини тўлиқ инкор этган бўлса-да, унга нисбатан 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди. БМТ ривожланиш дастури бу айбловларнинг бирортасида асос бўлмаганлигини билдирганди.
"БМТнинг асоссиз ҳибсга олишларни текшириш бўйича ишчи гуруҳи 2008 йилдаёқ суд мажлиси адолатсиз ва нохолис ўтгани, Мусаевнинг қўлга олиниши ўзбошимчалик билан амалга оширилгани ҳақида хулоса берганди", — дейилади хабарда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Эркин Мусаевнинг қамоқдан озод қилинганини олқишлади.
Илгарироқ айни пайтдаги Олий бош комиссар Зайд Раъд ал-Ҳуссайн шу йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Мусаев ишини президент Шавкат Мирзиёевга эслатган. Бу БМТ Олий бош комиссарининг Ўзбекистонга илк ташрифи эди.