TOШКЕНТ, 17 август — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Қозоғистон мудофаа вазири Сакен Жасузаковни қабул қилди. Бу ҳақда Uzbekistan24.uz хабар қилди.
Учрашувда Ўзбекистон раҳбари икки мамлакат ўртасида турли даражадаги алоқалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаоллашганини мамнуният билан таъкидлади.
Суҳбат чоғида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама этилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон Мудофаа вазирликлари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш, жумладан, ҳарбий таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш бу борадаги муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди.
Қозоғистон миллий мудофаа вазири Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга қабул учун самимий миннатдорлик билдирди ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг эзгу тилакларини етказди.
Сакен Жасузаков Ўзбекистонда Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди ва Қозоғистон томони икки давлат ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.