TOШКЕНТ, 17 август — Sputnik. Қирғизистон миллий статистика қўмитаси эълон қилган сўнгги рақамлар Ўзбекистон билан савдо муносабатларида муз жойидан кўчганлигини ҳар қандай чиройли сўзлардан ҳам кўра яққолроқ намойиш этади, деб ёзади Sputnik Қирғизистон.
Сабзавот, темир-терсак ва авто эҳтиёт қисмлар – булар Қирғизистон Ўзбекистонга олиб кирадиган асосий нарсалар. Ҳисоботга қараганда, 2017 йилнинг 5 ойи давомида Ўзбекистонга made in KG маҳсулотлари кириши 40 фоизга ошган.
Қирғизистон бозорларида эса Ўзбекистон ўғитлари, мевалари ва текстил маҳсулотларини учратиш одатий ҳолга айланди. Қирғизистон ҳудудида сотилаётган ўзбек маҳсулотлари бир йил ичида икки бараварга ошган.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Қирғизистоннинг савдо ҳамкорлари орасида Хитой, Россия, Қозоғистон, Швейцария ва Туркиядан кейин олтинчи ўринни эгаллади.
Ўзгаришлар шамоли қаёқдан эсди?
Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон билан савдо ҳажмининг ўсишига ушбу мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати сабаб бўлди. Бозорлар, савдо корхоналари ва хизматлар соҳаси Ассоциацияси президенти Сергей Пономарев илгари икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни муваффақиятли деб аташ қийин бўлганини билдирди.
"Илгари чегаралар тез-тез ёпиларди, уларни на одамлар, на маҳсулотлар кесиб ўтарди. Бу Қорасув бозорига (Фарғона водийсидаги энг йирик бозорлардан бири – таҳр.) салбий таъсир кўрсатарди. Ёқилғини Қирғизистон шимолидан жанубга автотранспортда довонлар орқали олиб бориш бемаънилик, уни Ўзбекистон орқали темирйўл транспортида ташиш анча арзон тушади", - деди иқтисодчи.
Экспертлар Ўзбекистонда мамлакатга илгари фақатгина махсус компаниялар шуғулланган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришга бўлган тақиқ бекор қилинганлигини айтишмоқда. Эндиликда гўшт, сут, мева-сабзавотларни ҳар қандай бизнесмен олиб кириши мумкин.
Қирғизистондаги хорижий инвесторлар ассоциацияси директори Искендер Шаршеев Ўзбекистон етакчиси мамлакат иқтисодиётини янги босқичга кўтаришга муваффақ бўлганлигини қайд этди.
"Бу ўсишга ажабланмаса ҳам бўлади. Янги президент савдо-сотиқ учун чегараларни очди, Мирзиёев айтган барча нарсалар амалга ошмоқда. Янги сиёсат очиқ ва анчагина мувозанатли. Агар шундай давом этилса, бу Ўзбекистон иқтисодиёти учун катта туртки бўлади", -деди эксперт.
Қирғизистон иқтисодиёти учун кучли қўшни қанчалик хавфсиз?
Мева, сабзавот, текстил, қуритилган мевалар ва ёнғоқ – бу Ўзбекистон фаол сотадиган маҳсулотлар. Диққатга сазовор жиҳати, Қирғизистон ҳам худди шу нарсаларни ишлаб чиқаради. Бироқ маҳаллий маҳсулотлар қўшниларнинг маҳсулотига ютқазади.
"Киргизлэнд" экспортчи ва импортчилар ассоциацияси раиси Ленара Ниязбекова Қирғизистон қишлоқ хўжалигини зудлик билан кўтариш керак деб ҳисоблайди.
"Яқинда бутун Қирғизистонни айланиб чиқдим. Қишлоқ хўжалигимиз аянчли аҳволда. Ўрик, олма, бошқа мева ва сабзавотлар уқувсизларча етиштирилмоқда. Айрим фермерлар бир гектар ерга бир тонна селитра солишларини тан олишди. Бундай йўл билан хорижда ҳеч нарса сотолмаймиз – лабораториялар бир зумда фош қилади", - дейди эксперт.
Қирғизистонлик тадбиркорлар жанубдаги қўшниларидан сал хавотирда, дейди Шаршеев.
"Улар Ўзбекистондан келтирилган олмалар бизникидан арзон эканлигини кўришмоқда, шунинг учун ўз бозорлари касод бўлишидан хавотирланишади. Бироқ қўшни давлат иқтисодиётимизни парчалаб ташлайди дейиш ноўрин: улар истеъмол қилганларига нисбатан камроқ ишлаб чиқаришади, демак, биз ҳам ўзбекистонликларга маҳсулот етказишимиз мумкин", - дейди у.
Иқтисодчиларнинг бир нарсага ишончлари комил: бундай қўшничилик зарардан кўра кўпроқ фойда келтиради. Асосийси, имкониятлардан фойдаланиш, деб ҳисоблайди Пономарев.
"Жаҳонда ҳамма шериклар нимададир бир-бирларига рақобатчи ҳисобланишади. Манфаатларни мувофиқлаштириш муҳим. Масалан, Хитой билан қўшнимиз, унинг матолари, тугма ва ипларини сотиб оламиз ва хитойликларнинг машинкаларида сифатлироқ ва харидоргир нарсалар тикамиз", - деди иқтисодчи.
Пономаревнинг фикрича, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши Қирғизистон учун имкониятлар эшигини очади, бироқ агарда бошқарув бизнесда ҳам худди мамлакатдагидек етарлича оқилона бўлмаса, бу имкониятни қўлдан бой бериш мумкин.
Ўзбекистон ва Қирғизистон биргаликда нималарга эришиши мумкин?
Биринчидан, Ўзбекистон пахтаси ва Қирғизистон цехлари туфайли ҳамкорликда тайёрланган кийим-кечаклар бошқа мамлакатлар бозорларини бемалол забт этиши мумкин.
"Ўзбекистон пахта етиштирувчи йирик мамлакат. Россия-Қирғизистон фонди Қирғизистонда мато ишлаб чиқариш заводлари учун яхшигина маблағ ажратган. Менимча, бу соҳада узвий ҳамкорликни ривожлантириш мумкин", - дейди Ниязбекова.
Шунингдек, икки мамлакат ҳудудида етиштирилган мева-сабзавотларни Қозоғистон ва Россияга биргаликда чиқариш мумкин.
Пономаревнинг айтишича, ҳозирда Қирғизистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Евросиё иқтисодий иттифоқига жиддий равишда маҳсулот етказиб бера олмайди. Гап шундаки, ҳар икки давлат ҳам ЕОИИнинг мева-сабзавот етказиш бўйича талабларини таъминлай олмади.
"Россия бозорини кўриб чиқадиган бўлсак, аҳоли 80 фоиз маҳсулотни савдо тармоқларининг супермаркетларидан сотиб олишади ва атиги 20 фоиз маҳсулот кичик магазин ва бозорларда сотилади. Маҳсулотларни сараламасдан қутиларга солиб жўнатаверадиган бўлсак, у ҳолда ана шу 20 фоиз бозорга умид қилишимиз мумкин", - дейди иқтисодчи.
Экспертларнинг таъкидлашларича, олма эмас, олма шарбати, гўшт эмас, колбаса сотиш фойдалироқ. Биргаликда маҳсулотларни қайта ишлаш цехлари очиш ҳам фойдали. Масалан, Ўзбекистон хом ашёсини Қирғизистонда қайта ишлаш фойдалироқ, чунки Қирғизистон ЕОИИда имтиёзларга эга.