ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Ўзбекистон вилоятларидаги "қора бозор"ларда доллар нархи яна тушди, деб хабар қилмоқда Спутник мухбири.
Мухбирнинг сўзларига кўра, бозорларда бир доллар 7000 сўмдан сотиб олинмоқда. Доллар олиш истагини билдирган фуқароларга валютчиклар "сотишга йўқ" дея жавоб қайтаришмоқда.
Ноқонуний валюта сотувчиларнинг сўзларига кўра, тез кунда доллар нархи 6000 сўмгача "қарсиллаб" тушиши кутиляпти.
Долларнинг ваҳимали пасайиши айрим фуқароларни саросимага солмоқда.
"Яқиндагина 8400 дан алмаштирган эдим, бугун келсам 700 дейишди. Нима қилишга ҳам ҳайронман" деб айтган Спутник мухбирига "қора бозор"га валютани сўмга алмаштиргани келган фуқаролардан бири.
Илгарироқ доллар нархи пасайишига конвертация очилиши, президентнинг бир неча янги қарорлари қабул қилиниши сабаб бўлганлиги тахмин қилинган эди.
Айрим интернет фойдаланувчилари эса доллар пасайиши шунчаки бир ўйин, деган фикрни билдириб, "Абу Сахий" бозорида савдогарлар товар олгани келган харидорларга долларни 8300 дан ҳисоблаёгани ҳақида айтишмоқда.