ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Ўзбекистон Миллий банки ва QIWI халқаро тўлов тизими яқин бир неча ой ичида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказиш механизмини жорий қилишади, деб хабар қилди банк ходими Sputnik мухбирига.
Банк ходимининг сўзларига кўра, ушбу хизмат, авваломбор, Россияда ишлаётган ўзбек меҳнат мигрантлари учун мўлжалланган.
“Бугунги кунда, Россиянинг узоқ ҳудудларида ишлаётган мигрантлар пул ўтказиш вақти айрим қийинчиликарга дуч келмоқда. Банк бўлимлари ҳамма жойда ҳам йўқ ва улар дам олиш кунлари ишламайди. Баъзан у ерда навбатда туришга тўғри келади. Бизнинг хизматимиз мигрантларга QIWI терминали орқали пул ўтказиш имконини беради. QIWI Россия ҳудудида энг кенг тарқалган терминаллар тармоғига эга. Бугунги кунла уларнинг сони 162 мингдан ортиқ”, — деди банк ходими.
Пул ўтказиш тартиби жуда осон бўлади. Россияга кетишдан олдин Миллий банк бўлимларидан бирига келиб, валюта ҳисоб рақами очиш ва уни сўмли пластик картага ёки халқаро visa картага боғлаш керак бўлади. Россияда эса, ушбу карта рақамига QIWI терминали орқали рубл юборилади. Рубл валютага операция амалга оширилган вақтидаги Россиядаги курси бўйича алмаштирилади.
Ўз маблағини олиш учун эса, мижоз Ўзбекистондаги Миллий банк филиаллаидан бирига келиши керак бўлади. Маблағ унга долларда берилади. Агар карточка сўмда бўлса, ундан долларда бирор нима харид қилишнинг имкони бўлмайди.
“Пул ўтказмаларидан фарқли равишда, QIWI терминали орқали амалга оширилган операциялар дарҳол экранда намойиш этилади. Шунингдек терминал орқали операция амалга оширганда мижознинг исми шарифи, паспорт рақамларини киритиш талаб қилинмайди. Биз синов тариқасида учта операция амалга оширдик. Ушбу хизматни яқин икки ой ичида ишга туширамиз”, — деди Миллий банк ходими.
Эслатиб ўтамиз, ушбу йилнинг 1 май санасига қадар Миллий банк 2,9 миллондан ортиқ пластик карточкаларни муомалага чиқарган. Мутахасисилар айтишига қараганда 2018 йилнинг 1 январига қадар уларнинг сони 3,5 миллиондан ошиши керак.