TOШКЕНТ, 12 август — Sputnik. Ўзбекистон президентининг "Заргарлик саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 январдан чакана савдо тармоғида сотиладиган заргарлик буюмларига акциз солиғи бекор қилиниши соҳа ривожланишида муҳим омил бўлади.
Бундан ташқари, 2020 йил 1 январгача заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар заргарлик буюмларини сотишда, жумладан экспортга сотишда бўшайдиган маблағларни ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш ва модернизация қилишга, шунингдек айланма маблағларини тўлдиришга мақсадли йўналтирган ҳолда акциз солиғи ва ҚҚС тўламайдиган бўлди.
Шу билан бирга, 2017 йил 1 октябрдан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан қимматбаҳо металлардан заргарлик ва бошқа буюмлар ишлаб чиқариш Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади. Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси бекор қилинмоқда.
Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқариш учун қимматбаҳо металларни олиши тартиби ҳам ўзгарди. Эндиликда ваколатли тижорат банкларига Марказий банк томонидан тасдиқланадиган шакллар бўйича заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқарувчининг қимматбаҳо металларга бўлган эҳтиёжини кўзда тутадиган буюртмалар юборилади. Ваколатли тижорат банклари ишлаб чиқарувчиларнинг заргарлик буюмларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, Марказий банкка зарур ҳажмларда қимматбаҳо металларни ажратиш тўғрисидаги буюртмани юборади.
Марказий банк ваколатли тижорат банклари буюртмаларига асосан пластина кўринишидаги вазни 100 граммдан бошланадиган қимматбаҳо металларни миллий валютага тўлиқ олдиндан тўлов шартларида Лондон қимматли металлар биржасининг эрталабки фиксинг нархидан келиб чиқиб ажратади (қимматбаҳо металларнинг соф оғирлигига қайта ҳисоблаб).
Ваколатли тижорат банклари заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни қайта сотиш ҳуқуқисиз, 1%дан кўп бўлмаган миқдорда маржа ундирган ҳолда сотади.
Марказий банк шу йилнинг 1 октябригача бўлган муддатда республика ҳудудларида белгиланган тартибда заргарлик буюмларининг асиллик даражасини белгилаш ва тамғалашни амалга оширадиган Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг филиалларини ташкил этади.
Шунингдек, банклар ҳам тегишли имтиёзларга эга бўлди. Улар 2020 йил 1 январгача қимматбаҳо металларни сотиш борасида ҚҚС ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди.