TOШКЕНТ, 11 август — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишининг 2-босқичи инвестицион лойиҳаси негизида "Дальнее" конида тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда uzbekistan24.uz хабар бермоқда.
Маросимда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади ва мажмуага тантанали равишда тамал тоши қўйилди. Давлат раҳбари ушбу йирик лойиҳа Ўзбекистон тоғ-кон металлургия соҳасида янги босқич бўлишини айтиб ўтди.
Шунингдек, Олмалиқ шаҳар ҳокимига ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, замонавий кўпқаватли уйлар қуриш вазифасини қўйди. Янги парк, бозорлар, ижтимоий соҳа обьектларини барпо этиш бўйича кўрсатмалар берди. Кончи, меҳнаткашлар билан учрашди, уларнинг ташаббус ва таклифлари билан қизиқди.
"Дальнее" конини ўзлаштириш инвестицион лойиҳаси Ўзбекистон президентининг 2017 йил 1 мартдаги "Дальнее" кони негизида "Олмалиқ КМК" АЖ" ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида босқичма-босқич 2017-2028 йиллар давомида амалга оширилади.
Асосий мақсад эса, "Олмалиқ КМК" АЖнинг барқарор ривожланиши, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва кенгайтириш, "Дальнее" конининг мис-молибден рудаларини халқаро стандартларга мувофиқ бўлган, энергия самарадор ва экологик меъёрларга жавоб берадиган замонавий технологиялар ҳамда жиҳозлар мажмуасини қўллаган ҳолда ўзлаштириш ҳисобига комбинатнинг хом-ашё базасини мустаҳкамлашдан иборатдир.