TOШКЕНТ, 11 август — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда uzbekistan24.uz.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик деб юритилади) оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи этиб белгиланди.
Оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунчилик ижросини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятида қонун ҳужжатлари, давлат ва тармоқ стандартларига риоя этилиши, сўз ва ахборот эркинлиги кафолатларига риоя этилиши борасида мониторинг ва назоратни амалга ошириш Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Агентлик шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот соҳасидаги хуруж ва таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда иштирок этади.
Хорижда ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилиш, нашриётларга китоб маҳсулотларининг халқаро китоб бозорида ўз мавқеи ва салмоғига эга бўлишида кўмаклашиш, мамлакат фуқаролари ва юридик шахсларининг ахборотларни тайёрлаш, тарқатиш, улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қатнашиш ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, оммавий ахборот воситалари учун медиа бозорида тенг шароитлар яратиш бўйича зарур тадбирлар ишлаб чиқиш ҳам Агентликнинг асосий вазифаларига киради.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги муассислигидаги "Тонг юлдузи" ва "Класс!" газеталари ҳамда "Гулхан" ва "Ғунча" журналларини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфига тўлиқ ўтказилади.