ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Эсингизда бўлса, ушбу йилнинг апрел ойида Самарқандда трамвай йўлининг очилиш маросими бўлиб ўтган эди ва Шавкат Мирзиёевниг шахсан ўзи унда иштирок этган эди.
Мана, орадан 3 ой ўтар-ўтмас, яшил кўкламзорлару, чет элдан валюта ҳисобига олиб келинган манзарали дарахтлар қуриб қолди.
Facebookдаги Samarkand&Самаркандцы фойдалананувчиси бу борада шундай ёзган:
“Ушбу йилнинг баҳорида трамвай ҳалқаси қурилган Саттепо массивида атроф-муҳит чиройли қилиб қўйилган эди. Майсазорлар, каштан дарахтлари экилган эди. Ҳар куни кечқурув сув ташийдиган машина келиб уларни суғориб кетар эди. Ўтлар ҳам ўсиб ҳамма ёқ кўм-кўк бўлиб қолган эди. Лекин аҳолининг қувончи узоққа чўзилмади. Охирги икки ой давомида ҳеч ким у ерни суғормади, майсазор ва дарахтлар қуриб қолди. Ахир ушбу ҳудудни ободонлаштириш учун қанча давлат маблағи сарфланган эди-ку!? Мен ватанпарвар сифатида бунга бефарқ қараб тура олмайман. Шаҳар ҳокимияти ушбу вазиятга эътибор беришини истайман!”, — деб ёзади Саттепо массивида яшовчи Рашид Темиров.