ТОШКЕНТ, 8 август — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистонга амалий ташриф билан боради. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар қилди.
Арипов Чўлпон-Отада 15-17 август кунлари бўлиб ўтадиган ҳукуматлараро комиссияларнинг навбатдаги йиғилишларида қатнашиш учун Қирғизистонга ташриф буюради.
Таъкидланишича, Қирғизистон бош вазири Сўронбой Женбеков ўзбек ҳамкасби билан телефон орқали мулоқот ўтказган. Вазирлар Маҳкамалари раҳбарлари икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ва ўзбек-қирғиз давлат чегарасини делимитация ҳамда демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссияларнинг навбатдаги йиғилишларига тайёргарлик жараёнини муҳокама этишган.
"Сиз ва Ўзбекистон делегациясини Қирғизистонда кўришдан хурсанд бўламиз", — дея таъкидлаб ўтган Женбеков.
Арипов Қирғизистонда 2017 йил октябрида Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказишга тайёрликни тасдиқлади. Шунингдек, у Қирғизистон томонига 3 август куни Иссиқкўл вилояти ҳудудида автофалокатга учраган ўзбекистонлик фуқароларга ўз вақтида ёрдам кўрсатилгани учун миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Женбеков эса Ўзбекистонга Ўшда 630 ўринли умумтаълим мактабини қуриш ҳақидаги қарор учун миннатдорлик изҳор қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 25 июн куни Андижон шаҳрида Ўзбекистон Ҳукумат делегацияси ишчи гуруҳи ва Қирғизистон Ҳукумат делегациясининг топография ва ер тузиш ишчи гуруҳи ўртасида Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича музокаралар самарали якунланган эди.
Шунингдек, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар алмашиш ҳажми кейинги йилда икки бараварга ошган ва 2017 йил январь-май даврида 100,8 млн долларни ташкил этган.