Ўзбек журналистикаси ҳайратда: агентликнинг янги директори кимга қарши курашмоқчи

© fragolerosseЗарубежная пресса
Зарубежная пресса - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Журналист Лола Исломова Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриевга очиқ хат билан мурожаат қилди

TOШКЕНТ, 8 август — Sputnik. Ўзбекистонлик журналист, Anhor.uz сайтининг бош муҳаррири Лола Исломова Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриевга очиқ хат билан мурожаат қилди, деб ёзади Podrobno.uz. Бунга агентлик янги бош директорининг ўзбек журналистикаси борасида яқинда қилган баёноти сабаб бўлди.

Сайтда ушбу очиқ хат матни келтирилган бўлиб, очиқ хат билан қуйида танишишингиз мумкин.

"Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорига очиқ хат

Ҳурматли Лазиз Хушбоқович!

Сизни асосий вазифаси ОАВнинг мустақил фаолиятини амалга оширишда конституцион ҳуқуқларга, мулкчилик шаклидан қатъий назар сўз ва матбуот эркинлиги кафолатларига қатъи риоя этилишини мониторинг қилувчи муассаса раҳбари деб мурожаат қилмоқдаман. Ўзбекистон МАА низомида шундай ёзилган.

Газета танлаётган аёл - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда журналистика шаънига доғ тушираётганларга қарши аёвсиз кураш олиб борилади

Мустақил журналистика – демократик жамият белгиларидан бири, мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон ҳаётида пайдо бўлган янги саҳифа. Қувонарлиси, кўп йиллардан буён илк марта ЎзМАА раҳбари ОАВ вакилларига мурожаат билан чиқди. Сизнинг ОАВ вакилларига мурожаат қилинган "Маънавиятга зарар етказганларни аямаймиз" сарлавҳали мақолангиз журналистлар орасида қизғин муҳокама ва тушунмовчиликлар келтириб чиқарди.

Холис ва конструктив танқид – ўз-ўзидан камчиликларни кўриш ва бартараф этишга ёрдам берувчи, ҳар қандай ишни олдинга силжитадиган, тараққиётнинг энг кучли воситаларидан бири. Аммо айнан шу туфайли мазкур воситадан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш зарур. Сизнинг мурожаатингиз ортидан эълон қилинган "Оғриқли нуқта" мақоласи журналистика тақдиридан хавотирланишга мажбур қилади.

Менимча, мамлакат фуқаролари таниқли инсонлар ҳаётининг қайси тарафини кўришлари "мумкин"лигию, қайси тарафини кўриш "мумкинмас"лиги билан шуғулланиш нафақат айрим шахслар, балки ҳеч бир давлат муассасасининг иши эмас. Бу инсон қадр-қимматининг энг сезувчан торларини чертувчи нозик моддият, асосийси унинг Ўзбекистон Конституциясида кафолатланган ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқидир. Ҳеч бир инсон бирор шахс, шахслар гуруҳи ёки идора унинг нимани билиши мумкинлиги, нимани эса билишга ҳаққи йўқлигини белгилашига ҳеч қачон рози бўлмайди.

Ҳар қандай муросасиз кураш жамият барқарорлигига путур етказади, одамларни турли лагерларга бўлиб ташлайди, кескинлик, қарама-қаршилик уйғотади ва амалда ҳеч қандай натижа бермайди. Ўрта асрлар инквизициясини, космополитизмга қарши, жинсига қарши, жаз, опера ва балетга қарши курашларни эслайлик. Бу нафрат, қаршилик, одамларнинг маданий хоҳишлари бўйича бўлинишидан бошқа ҳеч нарса келтирмади. Бу курашларнинг ташаббускорлари ўзларни кутган мевани ололмадилар.

Матбуот ва ахборот агентлиги сифатсиз ОАВларнинг асл башарасини очиб ташламоқчи

Мен сизнинг адабий танқид ва сифатли журналистикани ривожлантириш борасидаги ташаббусингизни чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Бироқ, бир давлат фуқароларини "ўзиники" ва "бегоналар"га бўлувчи танқид манзилсиз йўл эканлигини тарих кўрсатди. Шундай экан, келинг, ўтмишдан сабоқ чиқарайлик.

Сиз мурожаатингизда хусусий ОАВлардаги журналистиканинг сифати паст эканлиги ҳақида айтгансиз. Аммо холислик учун мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ОАВ, биринчи навбатда молиялаштирилиши солиқ тўловчилар ҳисобига амалга ошириладиган давлат нашрлари ва сайтлари ҳам танқид қилиниши керак.

Лазиз Хушбоқович! Журналистлар ўн йилга яқин вақтдан буён "Ўзбекистон журналистлари этикаси миллий Кодекси"ни қабул қилишни таклиф этиб келишмоқда. Сизнинг ёрдамингизда журналистлар ахлоқ кодекси ва ниҳоят дунё юзини кўришига ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилишига, сўнгра қабул қилинишига умид қилгимиз келади. Шубҳасиз, ахлоқ кодекси қонун эмас ва тавсиявий тусга эга, лекин у журналистлар учун ҳам, журналистларнинг ёзганларини танқид қилмоқчи бўлганлар учун ҳам аниқ бир мўлжал бўлади. Ахлоқ кодексининг қабул қилиниши медиа-ахлоқ соҳасидаги баҳсли масалалар бўйича қарор қабул қилувчи медиа-кенгаш тузилишини кўзда тутади. Қолган барча масалалар суд орқали ҳал этилади.

Ва ниҳоят, Сизнинг раҳбарлигингиз остидаги муассаса сайти ҳақида. Афсуски, ЎзМАА сайтида Сизнинг мурожаатингиз ва "Оғриқли нуқта" мақоласи рус тилида берилмаган. Мазкур мақолалар Ўзбекистоннинг аксарияти давлат тилини мукаммал даражада билмайдиган кўпмиллатли журналистлари манфаатларига алоқадорлигини эътиборга олиб, ушбу мақолаларнинг рус тилидаги таржимаси зарур. Бу таржимонликнинг нозик жиҳатлари туфайли жамият учун Сизнинг чин мақсадларингиз борасида тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олади. Ўз ўрнида айтиш лозим, ЎзМАА сайтида Агентликнинг рус тилидаги сўнгги хабари 2017 йил мартда эълон қилинган.

Зарубежная пресса - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига янги бош директор тайинланди

Сизнинг қарашларингиз чоп этилган рус тилидаги айрим ОАВларда жумлалар умумий матндан юлиб олинган бўлиб, тушунмовчилик ва асосли хавотир уйғотади. Жамият ҳаётнинг барча жабҳаларида янгиланишлардан умид қилиб яшаётган бугунги кунда матннинг нотўғри талқини оқибатида келиб чиқадиган ўзаро тушунмовчиликлардан узоқроқда бўлишни истардик", дейилади очиқ хатда.

"Ҳурматли Лазиз Хушбоқович, кўплаб таниқли ҳамкасбларимиз сизнинг баёнотингиз ҳақида ўз фикрларини билдиришган ижтимоий тармоқларни ўқинг. Балки бир томонлама баёнот бериш эмас, журналистлар доираси билан кенг мулоқот ўрнатиш даври келгандир? Балки ўз ташаббуси билан ОАВ бозорида муваффақиятга эришаётганларни қўрқитиш эмас, уларга ёрдам бериш керакдир? Умуман, журналистларнинг хавотирини жиддий қабул қилишингизга ва уларни оғриқли муаммоларни муҳокама қилиш учун таклиф этишингизга, маҳаллий ОАВ келажаги борасидаги барча қарорлар эса бир томонлама тартибда қабул қилинмаслигига умид қиламиз", дея қўшимча қилинган сайтда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг янги бош директори Лазиз Тангриев маҳаллий ОАВлар борасида баёнот билан чиққан ҳамда агентлик сайтида айрим ОАВлар жиддий танқид қилинган мақола эълон қилинганди.

Янгиликлар лентаси
0