ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Бош вазир Абдулла Ариповга тегишли ташкилотлар билан биргаликда оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш бўйича бир ой муддатда Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифаси топширилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни зиёлилар билан ўтказган учрашувида маълум қилди.
Жойларда бўлаётган учрашув ва мулоқотларда кўп-кўп одамлар менга айтаяпти, Виртуал қабулхонага ёзяпти, "Тўй-маъракаларимизни бир тартибга солиб беринглар", деб мурожаат қиляпти. Ҳақиқатан ҳам, айни шу масала неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади. Жадид боболаримиз ҳам тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганларини яхши биламиз.
Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.
Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади.
Мана, Тошкентдаги тўйларда "келиннавкар" деган яна бир бало чиқибди. Нима эмиш, энди келиннинг ота-онаси қизига қўшиб унинг ўнлаб дугоналарини ҳам бир хил кийинтириши, ясантириши керак экан. Бундай бемаза қилиқлар қаердан чиқяпти? Ёшларимиз кимдан ўрганяпти буни?
Яқинда ўтган "Камолот" қурултойида мен ёшларнинг оғзини пойладим. Бирорта йигит ёки қиз чиқиб, "Эй, дўстлар, тенгдошлар, биз уйланамиз, турмушга чиқамиз деб ота-оналаримизни ниҳоятда қийнаб қўйдик. Келинглар энди, уларни бундай оғир ташвишга қўймайлик, келажагимизни, миллатимизнинг шаънини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказайлик", деган гапларни айтармикан, деб кутдим. Афсуски, улардан бу масалада ҳеч қандай фикр эшитмадим.
Тўй-маърака — бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала эканини инобатга олган ҳолда, Бош вазир А.Арипов, Бош вазир ўринбосари Т.Норбоевага тегишли ташкилотлар билан биргаликда оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш бўйича бир ой муддатда Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифаси топширилади", — деган ўз нутқи давомида президент.