ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вазири Ином Мажидов халқаро-пресс клуб йиғилиши давомида журналист томонидан вилоятларда ўқув даргоҳлари ходимларининг қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиниши тўғрисидаги саволига жавоб беришдан қочди, деб хабар бермоқда Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлар.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда ўқувчилар пахта далалари ишларига жалб қилинмаётгани ҳақидаги хабарни тасдиқлаган эди.
Халқаро Меҳнат ташкилоти эксперти Жанна Кастаки Самарқандда бўлиб ўтган болалар ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги юзасидан ўтказилган семинар-тренингда Ўзбекистон тез ривожланаётган давлатлар сирасига кирган ҳолда бу ерда муносиб меҳнат шароитлари бўйича яхши натижаларга эришилаётгани, шунингдек, мамлакатда давлат бюджети маблағларининг 40 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилган бир пайтда болалар меҳнатининг олдини олиш янада самарали натижа бераётгани ҳақида гапирган.