TOШКЕНТ, 3 август — Sputnik. Бугун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси вазифиасини бажарувчи этиб Алихонов Бобур Ботирович тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.
Sputnik мухбири Бобур Алихонов билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлди ва унга бир неча саволлар билан мурожаат қилди.
- Бобур Ботирович, сизни янги лавозимга тайинланганингиз билан табриклаймиз. Янги лавозимда биринчи навбатда қандай ишларни амалга оширасиз?
— Биз биринчи қадамни аллақачон қўйдик – “Ўзбекистон 24” телеканалини ишга туширдик. У тўхтовсиз тартибда ишламоқда. Янги канал бир ҳафта ичида республикада рейтинг бўйича биринчи ўринга чиқди. Лекин, у ерда ҳали қиладиган иш кўп, ижодий томондан ҳам техник томондан ҳам. Бизда олдин ҳеч ким бундай тартибда ишламаган. Бу биринчиси, шуинг учун ҳам ҳали ечимини кутаётган масалалар кўп.
Бошқа каналларга келсак, уларнинг ҳам оммавийлигини шу даражага етказишга ҳаракат қиламиз. Нима бўлганда ҳам локомотив энди бор, бошқалар ҳам унга етишга ҳаракат қилади.
Албатта, бу бир кунда амалга ошмайди, лекин асосийси янги канал бошқа барча каналларга ижобий маънода туртки бўлади. Ундан ташқари мамлакатимизда ҳам ҳозир кўп ўзгаришлар бўлмоқда. Ахборот воситалари ва телевидение ўз материаллар сифатини яхшилаш учун улкан имкониятлар очилмоқда.
Бундан буён бошқа каналларда янгиликлар билан боғлиқ кўрсатувлар бўлмайди ва улар ўзларининг бор кучини ўз йўналишларига оид кўрсатувлар тайёрлашга қаратади.
- МТРКнинг собиқ раиси қаерга ишга ўтганидан хабарингиз борми?
— Йўқ, менинг хабарим йўқ. У ўз хоҳиши билан ишдан кетди-ку.
- Катта раҳмат. Ишларингизга муваффақият.