TOШКЕНТ, 3 август — Sputnik. МХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари вилоят прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда "Бахт савдо комплекс" корхонаси раҳбари Акром Эрназаровни қўлга олишди.
"У ўзига ишониб топширилган савдо мажмуаси ҳудудида иккита савдо нуқтасини ижарага бериш учун тадбиркордан 1,5 минг доллар талаб қилган. У аввалроқ 100 доллар пулни тадбиркордан олган. Тезкор ходимлар Эрназаровни қолган 1,4 минг долларни олаётганида ушладилар", — деди МХХ вакили.
Суриштирув давомида у худди шундай йўл билан бошқа тадбиркордан 7 миллион сўм олганлиги аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши кураш Департаменти А.Эрназаровга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатди.