ТОШКЕНТ, 2 август — Sputnik. Бугун Халқаро пресс-клуб анжуманида иштирок этган Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов олий таълим муассасаларида 1 август куни бўлиб ўтган тест имтиҳонларининг натижалари 12 августгача қолмай эълон қилинишини айтиб ўтди.
Вазирнинг таъкидига кўра, бу йил тест имтиҳонлари натижалари эълон қилиниши муддати аввалги йиллардан катта фарқ қилмайди. "10-12 кунда эълон қилинса керак", — деб тахмин билдирган вазир.
"Тест натижаларининг эълон қилиниши тўлиқ Давлат тест марказининг имкониятларига боғлиқ. 730 мингдан зиёд абитуриентнинг тестлари текшириб чиқилади. Бу жараёнларнинг бари автоматлаштирилган, ДТМ техникалари туну-кун ишлаб турибди. Жавоблар айнан қачон эълон қилиниши борасида аниқ бир нарса дея олмайман, 10-12 кунда эълон қилинса керак" — деди қўшимча қилди Иномжон Мажидов.