TOШКЕНТ, 2 август — Sputnik. Ўзбекистон Либерал демократик партияси аҳоли билан депутатларнинг онлайн мулоқотини йўлга қўйди. Бу ҳақда партиянинг ижтимоий тармоқдаги матбуот хизмати саҳифасида хабар берилди.
Хабарга кўра, эндиликда ҳар куни соат 10:00 дан 11:00 гача депутатлар билан онлайн мулоқот қилиш мумкин. Фойдаланувчилар ўзларини қизиқтираётган ҳар қандай масалаларга депутатлардан жавоб олишлари мумкин бўлади.
Хусусан, хабар қилинишича, эртага, 3 август куни соат 10:00 дан 11:00 га қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев билан Facebook’даги “ЎзЛиДеП мулоқотга чорлайди” гуруҳида онлайн-мулоқот бўлиб ўтади.
“Депутатимизга ўзингизни қизиқтирган саволларингизни йўллаб, батафсил жавоб олиш имкониятига эга бўласиз”, дейилади хабарда.