ТОШКЕНТ, 1 август — Sputnik. Зангиота тумани таркибидан ажратилиб, янгидан ташкил этилган Тошкент туманига янги ҳоким тайинланди. Давлат солиқ кўмитаси раисининг ўринбосари лавозимидан озод этилган Ҳотамбек Шокиров Тошкент туманига ҳоким бўлди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Шокиров Ҳотамбек Анварович 1970 йили туғилган, 2015 йил мартидан бошлаб Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. У солиқ органлари тизимидаги фаолиятини 1999 йилда бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ 2017 йил 20 июлда президент қарори билан Зангиота тумани ҳудуди чегараси доирасида Зангиота ва Тошкент туманлари ташкил этилган эди.
Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Янгийўл, Чиноз туманлари ва янгидан ташкил этиладиган Тошкент туманининг туман прокуратуралари, ички ишлар бўлимлари, давлат солиқ инспекциялари ҳамда ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларининг туманда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга кўмаклашиш ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш тўғридан-тўғри тегишлилигига кўра Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.