ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Бош прокуратурада БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда Нельсон Мандела халқаро куни муносабати билан ташкил этилган "Маҳбуслар билан муомалада бўлишниннг минимал стандарт ва қоидалари" мавзусида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар қилди Ҳукумат портали.
Видеоконференцалоқа тизими орқали давра суҳбатида прокуратура ва ички ишлар органларининг ҳудудий тузилмалари, шу жумладан жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ходимлари ҳам қатнашдилар.
Тадбирда маҳбуслар билан муомалада бўлиш бўйича БМТнинг минимал стандартлари ва қоидалари, маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунларга риоя этилиши устидан прокурор назоратини амалга ошириш, жазони ижро этиш муассасалари мониторинги, ходимларнинг малакасини ошириш ва бошқа дозарб жиҳатларига оид маърузалар тингланди.
Давра суҳбати давомида Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, шу жумладан жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлаштириш энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгилангани таъкидланди.