TOШКЕНТ, 1 август — Sputnik. Тошкент вилоятидаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Анастасия Молокова, Дурдона Иргашева, Моника Надорбековалар "Ты Супер! Танцы" лойиҳасида қатнашиш учун Москвага етиб келишди.
Шоуда қатнашиш учун собиқ СССР ҳудудидаги 13 давлатдан болалар танлаб олинди. Танловда жами 145 нафар бола қатнашади.
"Ты супер! Танцы" халқаро танлови Sputnik халқаро агентлиги ва радиоси ҳамда НТВ телеканали ҳамкорлигида ўтказилади.
Танлов ота-она қаровисиз қолган, рақсга қизиқувчи болаларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиришни мақсад қилган. Лойиҳада қатнашиш ўзини кенг оммага танитиш, мамлакатнинг энг яхши педагоглари билан бирга ишлаш, унутилмас таассуротлар олиш, янги дўстлар ва мухлислар орттириш имконияти демакдир.
Баҳорда дастлабки "Ты супер!" вокал танлови ўтказилганди. Унда Россия ва МДҲ мамлакатларидан 92 иштирокчи қатнашган, абхазиялик Валерия Адлейба ғолиб деб топилганди.