ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. 2017 йил 21 июлдан бошлаб "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Анвар Жўраевнинг виртуал қабулхонаси иш бошлади, деб хабар қилди компания матбуот-хизмати.
Агар сизда шаҳар йўловчи ташиш транспорти тизимига оид ҳал этилмаган масала, муаммо, ариза, шикоят ёки таклифлар бўлса, у ҳолда мурожаатингизни тўғридан-тўғри "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ бошқаруви раисига 3 хил усулда: қўнғироқ қилиш, виртуал — онлайн тарзда жўнатиш ёки жамият биносида ташкил этилган фуқаролар қабулхонасига бевосита келиб этказишингиз мумкин.
Жамиятнинг www.tshtx.uz электрон манзилида жойлашган virtual.tshtx.uz сайтидаги қабулхонага муассаса фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай мурожаат онлайн режимида 24 соат мобайнида қабул қилинади.
Виртуал қабулхона сайти нафақат мурожаатлар жўнатиш, балки уларнинг бажарилишини кузатиб бориш имконини ҳам беради.
Шунингдек, сўровларга ҳам бевосита мазкур сайтдан жавоб олиш мумкин. Бунинг учун сайтда жойлаштирилган электрон шаклни тўлдириш ва жўнатиш кифоя қилади.