TOШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Марказий разведка бошқармаси учун сўроқ пайтида шафқатсиз қийноқларни қўллаш бўйича йўриқнома тузган икки психолог иши ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар даъвосига кўра судда кўриб чиқилади. Бу ҳақда Ассошиэйтед Прессга асосланиб РИА Новости хабар бермоқда. Вашингтон суди ушбу иш 5 сентябрь куни кўриб чиқилишини белгилади.
Америка фуқаро эркинликлари иттифоқи (ACLU) ўз даъвосида МРБ учун сўроқ қилиш услубини яратиш орқали 80 миллион доллардан ортиқ пул ишлаган психологлар Жеймс Митчелл ва Брюс Жессен жавобгарликка тортилишини талаб қилмоқда.
Даъво калтакланган, ухлашига йўл қўйилмаган, устидан муздай сув қуйилган, бир неча кун давомида қути ичида қўлини юқорига кўтариб туришга мажбур қилинган уч нафар собиқ маҳбус номидан берилган.