ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Гулнора Каримованинг адвокати Грегуар Манжа Швейцария прокуратурасидан тергов жараёнини тўхтатишни сўради, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Адвокатнинг сўзларига қараганда, у Гулнора Каримова ҳозир қаерда эканлигини билмайди ва у билан алоқага чиқишнинг имкони бўлмаган.
Бундай шароитда, адвокат Каримованинг ҳуқуқларини "қонуний суд талабига жавоб берадиган даражада" ҳимоя қила олмаслиги туфайли, у Швейцария прокуратурасидан тергов ишларини тўхтатиб туришни сўрамоқда.
Ундан ташқари, Манжа айтишига қараганда, 2016 йилнинг декабрь ойида у Гулнора Каримова билан учрашган вақтда, Каримова Ўзбекистондаги суд жараёни ҳақида адвокатга ҳеч нарса хабар қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримованинг энг катта маблағлари айнан Швейцарияда сақланмоқда. Ўзбекистон бош прокуратураси хабарига кўра, у ерда 777,8 млн доллар пул маблағлари, ҳамда қиймати 18,5 млн франк (19,4 млн $) бўлган вилласи бор.