TOШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Гулнора Каримова устидан очилган жиноят ишлари бўйича хабарига кўра, Г.Каримованинг назорати остида ва кўмагида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари қатор товламачилик жиноятларини содир этишган.
Хусусан, улар Г.Гаибназаровнинг "Тошкент рангли металл парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаш заводи" ОАЖ ва "Ангрен-цемент" МЧЖдаги 4,1 млрд. сўмлик акциялари, 4 млн. АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари, 17,3 млрд. сўмлик 2 та квартираси, 4 уй-жойи (ҳовли) ва 8 та автомашинаси, Ш.Ахмедовнинг "KOLORPAK" ва "NASHRIYOT UYI TASVIR" МЧЖдаги 1,9 млрд. сўмлик улуши ва бошқаларни товламачилик йўли билан эгаллашган.
Шунингдек, турли корхоналардаги давлатга тегишли акциялар ва улушларни сотиб олиш, мулкий объектларни хусусийлаштириш ва маҳсулотларни паст нархларда сотишда 344,6 млрд. сўмлик давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ("Ўздунробита" ҚКдаги 131,9 млрд. сўмлик (49%), "Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan LTD" МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 14,6 млрд. сўмлик (67,1%), "Rubicon Wireless Communication" МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 9,6 млрд. сўмлик (30%) давлат улуши, 20,4 млрд. сўмлик 50 та кўчмас мулк объектлари ва бошқалар) талон-торож қилишган.