TOШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг жисмоний шахсларга банк пластик карточкаси орқали овердрафт кредити бериш низомини тасдиқлади, дейилган lex.uz сайтида эълон қилинган қонуний ҳужжатда.
Овердрафт ўзи нима?
Overdraft — рус тилида "перерасход", ўзбекчада — ҳамёнда боридан кўпроқ харажат қилиш имконияти, деган маънони англатади. Агар сиз мунтазам равишда карточкага ойлик олсангиз, яъни доимий кафолатланган даромадга эга бўлсангиз, банк сиз билан овердрафт шартномаси имзолаши мумкин. Бу билан банк сизга карточкангизда бор пулдан кўпроқ харажат қилиб, кейин уни 12 ой ичида қайта тўлдиришга имконият беради.
Халқаро амалиётда овердрафт кредитлари — олиш жуда осон ва фоизи нисбатан паст бўлган кредитлар ҳисобланади. Иқтисоди барқарор бўлган мамлакатларда овердрафт жуда кенг тарқалган ва аҳолининг катта қисми ундан тез-тез фойдаланиб туради.
Янги қонунда айтилишига кўра, Ўзбекистонда овердрафт кредити нафақат ойлик маош карталарига, балким пенсия туловлари ҳисоб-китоби учун бериладиган карточкалар орқали ҳам олиш мумкин бўлади. Бундай кредитлар фақат Ўзбекистон миллий валютасида берилади ва унинг ҳажми ўртача маош ёки пенсиянинг 3 бараваригача миқдорда бўлиши мумкин.
Қайтариш муддати ва фоизи
Овердрафт кредити 12 ойгача бўлган муддатга, овердрафт шартномасига кўра босқичма-босқич қайтариш шарти билан берилади. Йиллик фоиз ставкаси банк ва мижоз ўртасида тузилган келишувга кўра белгиланади. Одатда, унинг фоизи бошқа кредитларга нисбатан пастроқ бўлади.
Овердрафт — бу осонгина банкдан пул олиб, кейин истаган вақтда қайтариш имконияти деб тушуниш нотўғри. Низомда айтилишига кўра Овердрафт — қайтаришлик, тўловлилик, муддатлилик ва таъминланганлик шартлари билан берилади. Унга ҳисобланган фоизлар ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда тижорат банки кредитлашни тўхтатади ва қонунда белгиланган қайтариш чораларини кўради.
Ўзбекистонда овердрафт кредитлар бериш амалиётнинг қўлланилиши, аҳолига қўшимча қулайлик туғдиради ва иқтисодни ривожлантиришга яхши туртки бўлади. Шунигдек карточка тизимининг нақд пулга нисбатан биринчи ютуғи бўлади, десак адашмаймиз.