TOШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида 1 август куни ўтказиладиган тест синовларида янгиликлар жорий этилади. Бу ҳақда университет сайти хабар бермоқда.
Хабар қилинишича, тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриентнинг микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилгани назоратчилар томонидан аниқланса, ўша абитуриентга далолатнома тузилиб, у тест синовларига киритилмасдан, четлаштирилади.
ТАТУ қабул комиссиясининг маълумотига кўра, ҳозирда барча абитуриентлар номига махсус огоҳлантириш хатлари тайёрланди ва улар ДТМ варақасини олишга келган ҳар бир абитуриентга тақдим этилади.
Бу йил ТАТУга 1600 нафар талаба қабул қилинади. Университетга кириш учун 12 234 нафар абитуриент ҳужжат топширган.