TOШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Ноанъанавий жинсий ориентация жамияти фаоллари қатор давлатларда таъқиқланган "Ислом давлати" террорчилик уюшмасига қарши жанговар ҳаракатларни олиб бориш учун ўз хусусий қўшинларини шакллантирдилар, деб хабар қилди Newsweek нашри. Спутник Беларус хабари асосида.
Тузилма "Гомосексуалист қўзғолончилар озодлик армияси" (The Queer Insurrection and Liberation Army, ёхуд TQILA), деб аталади.
Тузилма "Халқаро озодлик батальони" таркибига киритилган "Халқаро инқилобий халқ қўзғолончилари қўшинлари" (IRPGF) билан бирга жанг қилиши айтилмоқда.
"Биз Халқаро инқилобий халқ қўзғолончилари қўшинлари (IRPGF), Гомосексуалист қўзғолончилар озодлик армияси (TQILA) тузилмаси ташкил этилгани ҳақида расман эълон қиламиз", – дейилган IRPGFнинг Twitterда эълон қилинган хабарида.
Хабарда айтилишича, TQILA "золимлик, фашизм ва истибдод"га қарши курашади. Айни вақтда янги қўшинларнинг аниқ сони номаълумлигича қолмоқда. Аммо TQILA вакили Хеваль Рожилатнинг айтишича, тузилма иштирокчилари томонидан Суриянинг Ракка шаҳрида жанговар ҳаракатлар олиб борилмоқда.