TOШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Тошкентнинг "Обод" клуби атрофидаги турли гап-сўзларга нуқта қўйилди ва жамоа иккинчи даврада ҳам олий лигада ўйнайдиган бўлди, деб ёзмоқда championat.asia сайти.
Клуб раҳбариятида ишлаб келаётган кишилардан бирининг сайтга маълум қилишича, "Обод" янги ҳомийга эга бўлди.
Унинг айтишича, жамоага Украинадан ҳомийлар келди, бундан буён улар жамоани пул билан таъминлашади ва "Обод" иккинчи даврадаги иштирокини давом эттиради.
Лекин суҳбатдош янги ҳомийлар тўғрисида ва улар нима иш билан шуғулланиши ҳақида маълумот бермаган. Фақат, иккинчи даврада жамоани янги мураббий бошқаришини ва у ҳам украиналик эканлигини айтган.
Сайтнинг маълум қилишича, "Обод"ни иккинчи даврада бошқарадиган янги мураббий Андрей Анатольевич Демченко бўлиб, Россия ва Украина фуқаролигига эга собиқ футболчи 1976 йилда туғилган. Футболчилик фаолияти давомида ЦСКА, "Аякс", "Металлург" (Запорожье), "Ильичёвец", "Оболонь", "Дачия", "Гелиос" каби клубларда тўп тепган.
2011 йил мураббийлик соҳасида иш бошлаган Демченко дастлаб Запорожьенинг "Имекс" клубини бошқарган. 2012 йилда ўзи ўйнаган "Металлург"га мураббийлик қилган. 2013-2015 йилларда эса "Металлург"нинг ўринбосарлар жамоасини бошқарган.
Олий лига иккинчи давра тақвимига кўра "Обод" 16-тур учрашувини 5 август куни ўз майдонида "Навбаҳор"га қарши ўтказади.
Илгарироқ "Обод" футбол клуби ёпилиши ҳақида хабар тарқалган эди.