TOШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ республика солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича Ишчи комиссия ташкил этилди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Бундан мақсад солиқ солиш тизимини изчиллик билан соддалаштириш, солиқ юкини пасайтириш, шунингдек солиқ маъмуриятчилигининг замонавий услубларини жорий этиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини оширишдир.
Ишчи комиссия солиқ маъмуриятчилиги ва назоратини ташкил этиш тартиби ҳамда методологиясини тубдан такомиллаштириш, хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларнинг солиқ юкини янада камайтириш, бир хил солиқ солиш объектларига эга бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирлаштириш назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади.
Комиссия шунингдек, деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қиладиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштириш, ҳалол, шу жумладан иш ўринларини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легаллаштирадиган солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чораларини жорий этиш борасида ҳам иш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йил 1 январдан солиқчилик тизимида қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Бу Ўзбекистон президентининг "Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўрсатиб ўтилган. Солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги, вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари бериш кабилар шулар жумласига киради.