TOШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. "Россия сегодня" халқаро ахборот агентлиги томонидан ЮНЕСКО ёрдамида ўтказилган Андрей Стенин номли фотосуратлар танловининг навбатдаги турида Sputnik Қирғизистон нашрининг фотосуратчиси Табылды Кадырбековнинг "Ширин пахта сотувчиси" номли фотосурати ғолиб чиқди.
Табылды Кадырбековнинг ўзи ушбу фотосурат қандай олингани ҳақида қуйидагиларни айтиб берди.
"Кўчада изғирин совуқ ва бўрон бўлаётган эди. Шеф-редактор менга фотолавҳа суратга олишни топширганида, мен хохламайроқ кўчага чиқдим, лекин кейинроқ иш давомида қизиқиб, совуқни ҳам қорни ҳам унутиб юбордим. Бишкекликлар изғирин қордан қандай яширинаётганини кузатиш мароқли эди. Ишимни тугатиб қайтаётган вақтимда ширин пахта сотаётган опани кўриб қолдим. Аввал уни орқа томонидан суратга олдим, лекин назаримда нимадир етишмаётгандек бўлди. Айланиб ўтиб яна бир-иккита сурат олдим. Опахон менга кулиб боқди. Шу вақт мана шу суратни олдим. Опа мендан "Нимага суратга тушираяпсан?" деб сўради. Мен "Эсдалик учун" деб жавоб бердим".
Бутун дунёдан фотожурналистлар иштирок этган ушбу конкурс якунлари 7 август куни профессионал ҳакамлар ҳайъати томонидан эълон қилинади ва совринлар ҳамда дипломлар топширилади. Қуйида энг кўп овоз жамлаган бешта фотосуратни намойиш этамиз. Улар орасида Ҳиндистонлик Шаши Шекхар Кашьяпанинг "Бевалар бўёқлар байрамида", ЖАРлик Фандулвази Джайклонинг "Грабу шаҳридаги намойишлар", Юнонистонлик Анна Пантелиянинг "Европа орзуси" ҳамда Россиялик Юрий Смитюкнинг "Қишги серфинг" фотосуратлари бор.
Эслатиб ўтамиз, Андрей Стенин номли халқаро танловнинг асосий мақсади — ёш фотосуратчиларни қўллаб-қувватлаш, замонавий фотожурналистика муаммоларига жамоатчилик фикрини қаратишдир. 2017 йилда Андрей Стенин номли фотожурналистика танловида дунёнинг 76 мамлакатидан 5000 та фотосурат иштирок этмоқда. Танлов 4та номинация бўйича ўтказилади: "Асосий янгиликлар", "Спорт", "Менинг планетам" ва "Портрет. Замонамиз қаҳрамони." Танлов ғолибларининг ишлари эса Москве, Истамбул, Кейптаун, Шанхай, Пекин, Қоҳира, Берлин, Рим, Марибор ва Люблянадаги фестивал ва кўргазма майдонларида намойиш этилди.