TOШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. Жорий йилнинг 1-июлидан бошлаб Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида (195 та) пенсия тўловларини Халқ банкиинг 2 мингта сайёр кассалари томонидан тўланиши тўлиқ жорий қилинди, деб хабар берди Халқ банки матбуот-хизмати.
"Халқ банки филиалларидан махсус кассаларга нақд пулларни ўз вақтида ва узлуксиз етказиб бериш учун 590 та "Дамас" русумли автомашиналар сотиб олиниб, филиалларга етказиб берилди ва келгусида жойлардаги филиалларнинг эҳтиёжларига қараб қўшимча автомашиналар сотиб олинади", — деб қўшимча қилинган хабарда.
Шунингдек, пенсия маблағини уйига олиб келиб бериладиган шахслар рўйхати ҳам тузиб чиқилиб, пенсия ва нафақаларнинг махсус кассалари жойлашишида қандайдир ўзгаришлар бўлса, пенсия олувчилар банк, шунингдек қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан хабардор этилиши белгилаб қўйилди.
Банкнинг барча туман ва шаҳар филиалларида пенсия ва нафақа тўловлари бўлими ташкил қилиниб, малакали мутахассислар билан бутланди.
Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 4 мингга яқин ўғил-қизлар кассир ва бухгалтер назоратчи лавозимларига ишга олиниб, уларнинг бандликлари таъминланди.
Халқ банки тизимида пенсия ва нафақа тўловларини тарқатиш бўйича барча маъсул ходимларга ўқув семинарлари ташкил қилиниб, уларнинг тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишлари, мижозларга муомала маданияти бўйича билим ва малакалар ҳамда тавсиялар бериб борилмоқда.
Хизмат сифатини янада ошириш мақсадида банкнинг марказий аппаратидан малакали банк ходимлари бириктирилиб, улар филиалларга ва жойлардаги кассаларгача бориб, пенсия маблағларини тўлаб беришда амалий ёрдам беришмоқда.
Пенсия маблағларини тарқатилиши жараёнида юзага келадиган муаммо ва шикоятларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича "1106" қисқа рақамли "ишонч телефони" ташкил этилди.
Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, ўзбекистонликларнинг аксарияти белгиланган графикларда пенсионерларнинг исм-шарифлари чиқмай қолиши ҳолатларидан шикоят қилишган. "Бугунги кунда бу каби масалалар деярли бартараф этилган бўлиб, юзага келаётган вазиятлар Халқ банкининг "1106" қисқа рақамли "ишонч телефони" орқали тезкор ҳал этилиб келинмоқда", — дейилган Халқ банки хабарида.