ТОШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. 2017-йилнинг 17-июл куни "Ўзбекистон — Европа Иттифоқи" Ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Брюсселга ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европа Иттифоқи Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича Бош директорати раҳбари Стефано Мансервиси ва Европа ташқи фаолият хизматининг Бош котиби Ҳелга Шмидт билан учрашди.
Музокаралар якунига кўра Абдулазиз Камилов ва Стефано Мансервиси "Боғдорчиликни ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Молиявий битимни имзолашди.
Имзоланган кундан бошлаб кучга кирувчи ҳужжат Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш учун Евроиттифоқ томонидан 21,5 млн евро миқдоридаги грант маблағлари ажратилишини назардан тутади.