TOШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Тошкент—Бишкек йўналишидаги парвозлар сонини ҳафтасига иккитада тўрттага оширади. Бу ҳақда Қирғизистон транспорт ва йўллар вазири ўринбосари Гулмира Абдралиева Ўзбекистон Давлат авиация назорат қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди, деб хабар берди Миллий авиакомпания матбуот хизмати.
“Биз Тошкент—Иссиқкўл—Тошкент йўналиши бўйича чартер рейслари қайта тиклангани учун Ўзбекистон ҳукумати ва авиация идорасига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Бу Ўзбекистон ва Қирғизистон авиация расмийларининг охирги 9 йил мобайнидаги илк учрашувидир. Ташрифимиз давомида авиаташувлар соҳасида ўзбек-қирғиз ҳамкорлигини ривожлантирувчи Баённомани имзолаш мақсадидамиз”, деди у.
Қирғиз томони Миллий авиакомпания ҳаво кемаларига хизмат кўрсатишда имтиёзли шароитлар таклиф этди. Шунингдек, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га “Манас” аэропорти орқали Евросиё иқтисодий иттифоқи, АҚШ ва Жануби—Шарқий Осиё мамлакатларига транзит парвозларига эркинликнинг бешинчи даражасини тақдим этишга тайёрлигини билдирди.