TOШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Кеча эълон қилинган, Ўзбекистон президентининг 3127-сонли қарорига асосан автомобил ҳайдовчиларини ҳам бир неча янгиликлар кутмоқда.
"Олтин номерлар" аукционда сотилади
Президент қарорида қайд этилишига кўра, ушбу йилнинг 1 сентябридан бошлаб автомобил эгаси ўзи истаган рақамлар комбинациясини, юқори тўлов ставкаси бўйича танлаб олиши мумкин. Ундан ташқари энг талаб кучли бўлган, халқ орасида "олтин номерлар" деб аталадиган рақамлар эса ким ошди савдосига қўйилади. Ушбў ўзгаришлар бошқа мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, коррупциянинг олдини олиш ва давлат бюджетига қўшимча маблағ жалб этиш мақсадларида амалга оширилмоқда.
Ишончномани рўйхатдан ўтказиш керак бўлмайди
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, автомобил бошқаришга берилган ишончномаларни, ижара, залог ёки лизинг шартномаларини ЙҲХБда рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади. Бунинг ўрнига нотариусларга ушбу ҳужжатларнинг электрон кўринишини ЙҲХБга йўналтириш мажбурияти қўйилади.
Йўл ҳаракати ахборот-компьютер тизими орқали назорат қилинади
Йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, автомобил ҳаракатини назорат қилишнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ягона марказлашган ахборот-компьютер тизими ташкил қилинади. Бунинг учун Тошкентда компьютер тармоғи кенгайтирилиб, Нукус ва бошқа вилоят марказларида ҳам компьютерлаштирилган тизим йўлга қўйилади.
Мажбурий техник кўрикдан ўтказиш — хусусий корхоналарга топширилади
Қарорда айтилишига кўра, автомобилларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш вазифаси босқичма-босқич равишда хусусий корхоналарга топширилади. Фақат автобуслар, юк автомобиллари ва бошқа махсус техника кўриги белгиланган нархлар бўйича ихтисослашган ИИБ томонидан амалга оширилади.
Мотоциклли ЙПХ хизмати пайдо бўлади
Тошкент Самарқанд ва Хоразм вилоятларида тажриба тариқасида мотоциклли йўл-патрул хизмати ташкил қилинади. Уларнинг вазифаси автомобил юриши қийин бўлган жойларда, одам гавжум жойларда йўл ҳаракатини назорат қилиш, шунингдек чет эл делегацияларини кузатиш бўлади.