TOШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчукни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, Лилия Бурунчук икки томонлама музокаралар ўтказиш учун нуфузли делегация раҳбари сифатида Тошкент шаҳрига келди.
ТИВда бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги шерикчилик истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бу Лилия Бурунчукнинг Ўзбекистонга шу йилнинг ўзидаги тўртинчи ташрифидир. Аввалроқ Жаҳон банки делегацияси ижтимоий-иқтисодий вазият билан танишиш мақсадида Оролбўйига ташриф буюрган эди.