TOШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Ўтган ҳафта охирида GM Uzbekistan журналистлар учун пресс-тур ташкил қилган эди. Ундан компания ўзбекистонлик журналистларни Асакадаги заводга таклиф қилиб ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита таништирган, шунингдек компаня раҳбарияти мухбирларни қизиқтирган саволларга жавоб берган эди.
Аксарият фойдаланувчилар завод томонидан амалга оширилган ушбу тадбирни қўллаб-қувватлашган. Кўпчилик компания тарихида олдин бундай "очиқлик" бўлмаганини таъкидлашган.
Хусусан, GM Uzbekistan вакили чет элда сотилмай қолган ёки айрим сабабларга кўра орқага қайтарилган автомобиллар Ўзбекистон бозорида сотилиши ҳақидаги хабарларни рад этган эди.
Бунга жавобан, Facebook фойдаланувчилари салонда уларга айнан шундай автомобиллар сотилганлигини айтиб ўтишган. "Акс ҳолда автомобил ўриндиқ иситгичлар билан жиҳозланганини ёки 2016 йилда сотиб олинган машина 2013 йилда ишлаб чиқарилганини қандай тушуниш мумкин?", — деб изоҳ қолдиришган улар.
Завод раҳбарияти чет элда сотилаётган автомобиллар нархи ички бозордагидан арзон эмаслигини таъкидлашган эди.
Бунга жавобан Фейсбук фойдаланувчилари, Россия автосалонида 10 минг долларга сотилишга тайёр турган Ravon Gentra автомобилига ишора қилиб, "нега бизда шу машинани шу нархда сотиб олишнинг иложи йўқ" дея савол беришган. Ушбу савол аксарият фойдаланувчилар томонидан "тўғри ва долзарб савол", деб топилган.
Дунё тажрибасига назар солсак, маҳсулот ўзи ишлаб чиқарилаётган мамлакатда экспорт қилинаётган мамлакатдан кўра арзонроқ бўлиши керак. Чунки экспортчи компания йўл харажатлари, божхона тўловлари, сертификация, НДС ва утилизация тўловларини тўлаши керак.
Шу ўринда ўз-ўзидан савол туғилади, нега Ўзбекистонда GM Uzbekistan автомобиллари нархи Россия билан бир хил (ёки қимматроқ) бўлиши керак? Ахир Россияда сотилаётган ҳар бир автомобил учун 150-200 минг рубл қўшимча харажат қилиш керак-ку?