ТОШКЕНТ, 9 июл – Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп вертолётга минаётиб, фуражкасини шамол учирган аскарга ёрдам беришга ҳаракат қилди, деб хабар қилмоқда дунё ахборот агентликлари.
Интернетда пайдо бўлган видеолавҳада Трамп вертолётган яқинлашиб келганда, зинапоя ёнида турган аскарнинг бош кийимини шамол учириб кетганини кўради. Аскар эса, қоидага биноан жойидан жилишга ҳақли эмас.
Президент фуражкани олиб аскарнинг бошига кийдиради ва уни елкасига қоқиб қўяди, аммо вертолёт винти туфайли пайдо бўлаётган кучли шамол фуражкани яна учириб кетади. Президент эринмасдан яна бир бор фуражкани олиб, уни кузатиб қўяётган ҳарбий кийимли кишининг қўлига тутқизади ва ниҳоят вертолётга чиқади.
Ушбу видеолавҳа америка нашрларининг барчасида тарқалиб кетди. Кўпчиллик президентнинг, расмиятчиликдан холи бўлган, оддий инсоний ҳатти-ҳаракатини олқишлади. Бу борада ҳатто бир неча ойдан бери Трамп билан зиддиятда бўлган CNN томонидан ҳам илиқ фикрлар билдирилди.