TOШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси шу йилнинг 10-11 июль кунлари Абиджан шаҳрида (Кот-д' Ивуар Республикаси) Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 44-сессиясида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Сессияда 2016-2017 йиллардаги Ўзбекистоннинг ИҲТ ТИВКдаги раислиги якунларини кўриб чиқиш, ташкилот фаолиятига оид қатор масалаларни муҳокама қилиш ва сиёсий, ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш режалаштирилган.
2016 йил 18 октябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ИҲТ ТИВКнинг Тошкентда бўлиб ўтган 43-сессиясида сўзлаган маърузасида илгари сурилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун "Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази тўғрисида" ва "Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ИСEСCО) Махсус кафедрасини Тошкент ислом университети таркибида ташкил этиш тўғрисида"ги махсус резолюцияларнинг қабул қилиниши кутилмоқда.
ТИВКнинг 44-сессияда раислик Ўзбекистон Республикасидан Кот-д"Ивуар Республикасига расман ўтади.