ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Тожикистон Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имоми билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилди ТИВнинг матбуот хизмати.
Учрашув чоғида икки томон муносабатларининг айрим масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар давомида турли даражаларда бўлажак Ўзбекистон-Тожикистон учрашувлари жадвали ҳам муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Халқаро Пресс клубда ўтказилган жонли мулоқот давомида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи қурилиши бўйича позицияси ўзгармаганини маълум қилган эди. Камилов сўзларига кўра, агар Тожикистон Роғун ГЭСини қуришни истар экан, бунга Ўзбекистон эътироз билдирмаслигини, фақат бу ерда ҳар бир томоннинг манфаатлари ҳисобга олиниши, томонлар ўзаро келишиб олишлари зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон телевиденияси орқали ўзбек-тожик муносабатлари тўғрисида жуда яхши фильм намойиш қилинди. Камилов томонидан мазкур фильм ўта дўстона руҳда тайёрланганлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.