ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. GM Uzbekistan компанияси ўзига янги бўлган сегментда яна бир янги автомобил ишлаб чиқариш имконини ўрганмоқда, деб хабар қилди бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов журналистларга.
Унинг сўзларига қараганда, дунёда 3-4 йил олдин янги автомобил сегменти пайдо бўлиб GM Uzbekistanнинг асосий экспорт бозорлари бўлган Россия ва Қозоғистон бозорларида ушбу сегмент жадал ўсиб бормоқда.
"Янги сегментни кроссовер "Каптива" ва седан "Лачетти"нинг қоришмаси деб атаса бўлади. Ҳозир бизнинг компания ушбу сугментда ҳеч нарса ишлаб чиқармайди, лекин у Россия ва Қозоғистон бозорларида жуда ўсмоқда. Масалан, Россияда янги сотилган автомобилларнинг 40%и ушбу сегментга таалуқли. Биз ушбу сегментда Chevrolet Tracker автомобилини ишлаб чиқараб бошлаймиз. Ҳозир ушбу лойиҳанинг барча параметрларини ҳамда Россия ва Яқин Шарқ мамлакатларида унинг бозор истиқболларини ўрганмоқдамиз", — деди Ражабов.
Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқарувчилари ўтган йили Chevrolet Trackerни синовдан ўтказишди. Автомобил мураккаб иқлим шароитларида заводдан Орол денгизигача ва орқага тоғли ва чўл ҳудудларида минглаб километр йўл босиб келди.
"Биз учун бу одатий ҳол. Бирор моделдаги автомобил ишлаб чиқаришдан олдин биз уни ихтисослашган синовдан ўтказамиз, янги моделнинг Ўзбекистон об-ҳавосига, иқлимига ва бошқа шароитларига қанчалик мос келишини текширамиз. Chevrolet Tracker синовда ўзини жуда яхши кўрсатди. Фақат унинг айрим параметрлари бизнинг фуқароларимиз талабларига кўра бироз ўзгартирилмоқда", — деди Ражабов.
Шу билан бир вақтда завод раҳбари автомобилни ишлаб чиқариш ушбу йилнинг сентябр ойида бошланиши ҳақидаги хабарларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, янги моделдаги автомобил ишлаб чиқариш бу вақт талаб қиладиган мураккаб технологик жараён бўлиб, бу ерда ҳеч ким шошилишни истамайди.
Қўшимча маълумот тариқасида Chevrolet.com сайтидан олинган қуйидаги инфографикани томоша қилишингиз мумкин. Унда Chevrolet Tracker сизга яхши маълум бўлган бошқа автомобиллардан қанчалик фарқ қилишини кўришингиз мумкин.