ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. 2017 йил 29 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Ички ишлар органлари ходимларининг турар-жой шароитларини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан Ички ишлар органлари ходимларига имтиёзли шартларда турар жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш учун узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш тартиби тўғрисидаги Низоми тасдиқланган.
Низом талабларига кўра, ички ишлар органлари ходимлари томонидан имтиёзли ипотека кредитларини олишнинг 2 хил варианти кўзда тутилган:
1. Барча ички ишлар органлари ходимлар учун — ипотека кредитлари ходимларга тижорат банкида ходимнинг номига очилган миллий валютадаги жамғарма омонат ҳисоб рақамига ходим томонидан турар жой қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал тўлангандан кейин камида 10 йил муддатга, қайта молиялаштириш ставкасининг 2 фоиздан юқори бўлмаган миқдорида (шахсий ва банк маблағлари ҳисобига) ёки келишув ставкаси (кредит линиялари ҳисобига берилган кредитлар)га кўра;
2. Ички ишлар органларининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлари учун — қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури ва Шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш ва реконструкция қилиш дастури, шунингдек турар жойлар барпо этишнинг бошқа дастурлари доирасида арзон кўп квартирали уйлардан квартиралар сотиб олиш учун тижорат банкларининг узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари навбатдан ташқари тартибда камида 10 йил муддатга берилади. Бунда 25 фоизли дастлабки бадал тўлови ИИВ томонидан, қайта молиялаштириш ставкасининг 2 фоиздан юқори бўлмаган миқдорида (шахсий ва банк маблағлари ҳисобига) ёки келишув ставкасига кўра (кредит линиялари ҳисобидан), шунингдек давлат томонидан кредитнинг ½ фоизи тўлови орқали киритилади.
Қарорга мувофиқ, дастурлар доирасида арзон кўп квартирали уйларда ҳар йили қўшимча равишда камида 500 та квартира (2021 йилгача 2520 квартира) қуришни молиялаштириш учун шу жумладан халқаро молия институтларининг, тегишли тижорат банкларининг маблағлари ҳисобига кредит линияси очилиши таъминланади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.