ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Бугун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитасига қарашли жами 10 та олий ҳарбий таълим муассасасида тест синовлари ўтказилди. Бу ҳақда Давлат тест маркази матбуот хизмати хабар қилди.
Тест синовларида олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳужжат топширган 7680 нафар абитуриент иштирок этди. Ушбу муҳим тадбирда 838 нафар давлат тест маркази вакиллари ва аудитория назоратчилари жалб этилди. Тест синовлари барча олий ҳарбий таълим муассасаларида амалдаги тартибда белгиланган вақтда бошланди ва якунланди.
Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисида Низом" асосида амалга оширилди.