TOШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Мижозларимизнинг 40%дан ортиғи Ўзбекистон фуқаролари, деди Сахароводаги Москва Миграция маркази директори Николай Федосеев migrant.mobi сайтига берган интервьюсида.
Федосеев айтишига қараганда, Марказ ишлаш мақсадида келаётган мигрантлар учун энг арзон нархларда хизматлар таклиф қилмоқда ва мигрантлар қулайлиги учун керакли қўшимча бепул хизматлар ҳам йўлга қўйилган.
Масалан, Миграция марказининг ўзида бир ойлик рўйхатдан ўтиш хизмати Россия ҳудудига энди кириб келган мигрантларга патент расмийлаштириш вақтида рўйхатдан ўтиш муаммосини ҳал қилади. Ёки мигрантлар талабига кўра, иш қидираётганларнинг базаси тузилиб, Москва ҳудудида ўзига ишчи қидираётган ташкилотларга тарқатилади.
Шунингдек, Миграция маркази раҳбари марказ мигрантларга таклиф қилаётган хизматлар нархлари энг арзон эканлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
"Биз таклиф қилаётган хизматлар нархи Москва ҳукумати билан келишилган. Биз керакли хизматлар учун энг арзон нархларда тўлов оламиз. Масалан рус тилидан имтиҳон нархи бор йўғи 700 рубл. Биз бу ерга келаётган мигрантларнинг пули йўқлигини ва улар пул ишлаш мақсадидда энди келганини тушунамиз", — деди Федосеев.
Миграция маркази раҳбарининг фикрига кўра, меҳнат мигрантлари томонидан қонун бузишнинг олдини олишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, қонун бузилишининг асосий сабаби — мигрантларнинг Россия қонунчилигидан бехабарлигидир. Буни олдини олиш учун ишлаш мақсадида келаётган мигрантларга, самолётдаёқ Россияда қонуний ишлаш ҳақида ўз она тилида чоп этилган буклетлар тарқатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Москва миграция маркази 2014 йилда очилган. Ушбу марказ очилишидан олдин Россияда ишлашга керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштириш учун мигрантлар бир ой давомида шаҳарнинг турли жойларида жойлашган ўнлаб идораларга қатнаши, узундан узоқ навбатларда туриши керак эди. Марказда эса барча керакли ҳужжатлар бир жойнинг ўзида, ўртача 2 соат давомида амалга оширилади. Москва Миграция маркази кунига 7500 кишини қабул қилиш имконига эга.