ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Тожикистонлик 20 ёшли футбол ишқибози Руслан Жафоевнинг орзуси ушалди: у ўзи яхши кўрган футболчиси — Криштиану Рональдо билан учрашди ва ундан дастхат олишга муваффақ бўлди, деб хабар қилмоқда Sputnik Тожикистон мухбири Нилуфар Неккадам.
Руслан узоқ вақтдан бери машҳур футболчини интернет ва телевидение орқали кузатиб келаётган эди. Рональдунинг жамоаси Москвага Конфедерациялар кубогида иштирок этиш учун келгани ва қайси стадионда машғулот ўтказгани ҳақида барча нашрлар хабар берган эди.
"Мен Реал-Мадрид жамоаси 20 июнь куни машғулотдан кейин Москвадаги "Монарх" меҳмонхонасига келишини билар эдим. Мен Криштиануни яқиндан кўриш учун ўша ерга бордим, лекин бундай бўлишини ҳечам кутмаган эдим", — деди Руслан Sputnik мухбирига.
Ёш йигит айтишига қараганда, машҳур футболчини меҳмонхона олдида 300га яқин мухлислар кутиб турган, лекин Рональдо фақат Русланнинг тўпига имзо қўйган.
"У ёнимдан ўтаётганида — Криштиану, деб чақирдим. У тўхтаб мени олдимга келди, қўлимдаги тўпга имзо қўйиб қайтиб кетди. Бошқа мухлислар уни мендан кўра кўпроқ кутишига қарамасдан у фақат менинг тўпимга имзо қўйди. Бу шунчалик тез содир бўлдики, ҳатто у билан суратга тушишга улгурмадим", — дей ди Рональдунинг мухлиси.
Русланнинг ўзи ҳам болалигидан футбол ўйнайди. Ўсмирлик ёшида у Тожикистоннинг "Истиқлол" жамоаси таркибида ўйнаган, лекин мактабни тугатиб у Россияга кўчиб келган ва бу ерда электромонтер касбини эгаллаган. Ҳозир қурилишда ишлайди.