ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин россиялик мусулмонларни Рамазон ҳайити билан табриклади.
“Рамазон ҳайити – бутун дунё мусулмонлари томонидан бир неча асрлар давомида нишонланиб келаётган асосий диний байрамлардан биридир. Муқаддас Рамазон ойи охирида нишонланадиган ушбу байрам негизида чуқур маъно бор. У янгиланиш, ўз-ўзини тарбиялаш, яхшилик қилишга доимо тайёр бўлиш ва бечорларга ёрдам беришни англатади.
Россиялик мусулмонлар ота-боболарининг бой руҳий ва тарихий меъросини эъзозлаб, уларни ёш авлодга узатаётганини кўриш қувонарлидир. Мусулмон ташкилотларининг жамият ҳаётида, мамлакатнинг маданий ҳаётида иштирок этиши, хайрли, тарбиявий ҳамда ватанпарварлик ташаббусларида иштирок этиши — чин кўнгилдан ҳурматга сазовордир.
Уларнинг фуқаролар орасида тинчликни сақлаш, дўстлик ва ўзаро тушунишни кучайтиришда тутган ўрни алоҳида ва муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор қайд этмоқчиман”, — деди Владимир Путин ўзининг табрик сўзида.
Россия президенти матбуот хизмати хабари асосида.